Наманганда эрини болта билан чопиб ўлдирган аёл суд қилинди
Наманган вилоятида эрини қизига тегажаклик қилгани сабаб ўлдирган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.

Маълум бўлишича, Наманган вилоят суди судьяси Д.К. судланувчи Р.Х. 2006 йилда фуқаро А.К. билан шаръий никоҳдан ўтган ҳолда яшаб келгани ҳамда оилада фарзанд туғилгандан сўнг 2010 йилда никоҳ расмийлаштирилганини айтган.
Таъкидланишича, 31 январдан 1 февралга ўтар кечаси А.К. маст ҳолда уйга келиб, ухлаб ётган 11 ёшли қизи Б.Г.нинг кийимларини ечиб, тегажаклик қилмоқчи бўлган. Шу пайт фарзандининг йиғисидан уйғониб кетган хотини спиртли ичимлик таъсирида бўлган эрини болта билан бош соҳасига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдиради. Шунингдек, содир этган жинояти изларини яшириш мақсадида аёл А.К.нинг мурдасини яшириб қўйгани айтилган.
Ушбу жиноят ишини кўриб чиққан вилоят суди аёлга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.
Аввалроқ Сурхондарёда хотинини бўғиб ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган. Шунингдек, Жиззахда қарзини қайтармаслик учун эркакни ўлдириб, йўл четига кўмиб кетган йигит суд қилингани маълум қилинган.