Тошкент вилоятидаги корхонада 200 нафар ишчи бесабаб бўшатилгани айтилмоқда — видео
Меҳнат вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот берди
Тошкент вилояти Олмалиқ туманида жойлашган «Ammofos-Maxam» АЖ томонидан ходимлар билан меҳнат шартномаси оммавий равишда бекор қилинаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Давлат меҳнат инспекцияси ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказган. Ўрганиш натижасига кўра, корхона АЖ ишчи ходимлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари «Касаначиликни ташкил қилиш хизмати» ходимлари томонидан тайёрланиши маълум бўлган. Озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш сифатини яхшилаш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатларни оптималлаштириш мақсадида жамият ходимларининг овқатланишини ташкил этиш 1 мартдан аутсорсинг шартлари асосида ихтисослаштирилган компанияга топширилган.
Шунингдек, касаначиликни ташкил қилиш хизмати ходимлари билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси (Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш) иккинчи қисми 1-банди билан бекор қилиш бўйича огоҳлантириш хатлари берилган.
Ҳолат бўйича жамият раҳбариятига амалдаги қонунчилик нормаларига риоя этиш юзасидан зарур тавсиялар берилган.
Аввалроқ Тошкент вилоятидаги заводда ишлаётган аёлларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани айтилган хабарга изоҳ берилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида бир гуруҳ аёллар машиналар йўлини тўсиб қўйгани маълум қилинган.