Тошкентдаги айрим бозорларда дастурий таъминот ишлаб чиқилади
Иқтисодий тараққиёт вазири иштирокидаги йиғилишда Тошкентдаги айрим бозорларда дастурий таъминот ишлаб чиқилиши айтилди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Иқтисодий тараққиёт вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлигида ички истеъмол бозорига мева-сабазвот ва гўшт маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш юзасидан фермер хўжаликлари, экспортёрлар, деҳқон бозорлари раҳбарларининг таклифлари билан ўртоқлашиш мақсадида очиқ давра суҳбати бўлиб ўтган.
Йиғилишда бугунги кунда нархи пасайиши сабабли қатор муҳокамаларга сабаб бўлаётган пиёз масаласи муҳокама қилинди. Сўнгги 3 йилда пиёз экспорти ҳажми кескин 7,6 баробарга ошиб, 2012 йилдаги 28,6 минг тоннадан, 2020 йилда 216,2 минг тоннага етган. Шу билан бирга, 2021 йилнинг январь–май ойларида 124,8 минг тонна пиёз экспорт қилингани, 2020 йилнинг хос даврига нисбатан 82,2 фоизни ташкил этгани айтилган.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳридаги «Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» ҳамда «Эски Жува деҳқон бозори» акциядорлик жамиятларида тажриба тариқасида:
- бозор ҳудудига кунлик кириб келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг энг қуйи ва энг юқори нархи ва қайси ҳудуддан олиб келинганини ўз ичига олган дастурий таъминот ишлаб чиқиш;
- ишлаб чиқилган дастурий таъминот орқали бозор ҳудудига кунлик келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг нархи тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида доимий эълон қилиб бориш;
- мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши ва унга таъсир этган омиллар ҳақида Давлат статистика қўмитасида доимий брифинг ўтказиб борилиши йўлга қўйилади.
Аввалроқ Ўзбекистон 2021 йилнинг дастлабки 4 ойида қиймати 186 миллион долларга тенг бўлган 327,9 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилингани хабар қилинган. Шунингдек, сабзавотчилик кластерлари учун тижорат банклари томонидан 40 фоизгача кредит ажратилиши маълум қилинган.