Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирокида «Tashkent — bike city» велосайли ўтказилди — фото
Тошкент шаҳрида 15 июнь, сешанба куни «Tashkent — bike сity» велосайли ташкил этилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Аҳмат ал-Шафар бошчилигида 15 июнь куни Тошкент шаҳрида «Tashkent — bike сity» велосайли ташкил этилди. Бундан ташқари, марафонда турли идора раҳбарлари, жамоатчилик аъзолари, спортчилар ва санъаткорлар иштирок этди.
«Humo arena» муз саройи олдидан старт олган веломарафон иштирокчилари шаҳар бўйлаб 5 километр масофани босиб ўтди. Қайд этилишича, мазкур тадбирдан кўзланган мақсад велоспорт турини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шаҳар бўйлаб ташкил этилган марафон орқали сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш ҳисобланади.



«Шаҳарларимизда янги велосипед йўлаклари ташкил этилмоқда. Ўйлашимча, бугунги кунда аҳолини спортга тарғиб қилишимиз керак. Бу ҳам экологияга, ҳам одамларнинг саломатлигига фойда бўлади. Бундан ташқари, велоспорт тарғиботи орқали кўчаларимиз ҳам кўркам бўлади. Ўзим ҳам ишдан бўш пайтларим велосипед ҳайдаб тураман. Бизга энг кераклиси — мураббийлар. Шунинг учун велоспорт учун хориждан ҳам мураббийлар жалб қиламиз.
Халқаро турнирларни Ўзбекистонда ўтказиш нима беради? Биринчидан, ёш спортчиларимиз ушбу мусобақаларда қатнашиб, ўз рейтингини оширади. Иккинчидан, ёшларнинг жаҳон даражасидаги спортчилар билан бир мусобақада қатнашиши уларнинг тажрибаси ошишига кўмак беради», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Аввалроқ Тошкентда пулли велосипед қатнови йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда велосипедларни ижарага бериш тизимининг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинган.