Бухоро шаҳрида халқаро меҳмонхоналар тармоғига тегишли янги меҳмонхона очилади — фото
Тошкентда 15 июнь, сешанба куни дунёдаги йирик франчайзинг компанияси «Wyndham Hotels&Resorts» халқаро меҳмонхоналар тармоғига тегишли яна бир меҳмонхона – «Ramada Encore by Wyndham Bukhara» очилишига бағишланган матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Тадбирда туризм ва спорт вазири ўринбосари Aбдулазиз Aккулов, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров, Меҳмонхоналар уюшмаси раиси Фарангиз Aбдуллаева, шунингдек, Россия ва МДҲда «Wyndham Hotels&Resorts» бизнесини ривожлантириш директори С.Егоров ҳамда ОAВ вакиллари иштирок этди.

«International Hotel Services» МЧЖ ҳамда «Leo Hospitality Solutions» томонидан амалга ошириладиган қўшма лойиҳа Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган. «Ramada Encore by Wyndham Bukhara» меҳмонхонаси барча қулайликларга эга 112 хона, энг юқори қаватда жойлашган «Sky Lounge», соғломлаштириш клуби, конференц-зал, бизнес маркази ҳамда лобби лаунжга эга бўлади.





Тадбир якунига кўра, Бухоро шаҳрида «Wyndham Hotels & Resorts» халқаро меҳмонхоналар тармоғига тегишли «Ramada Encore by Wyndham Bukhara» меҳмонхонасини очиш тўғрисидаги келишув имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов 3 меҳмонхона раҳбариятига субсидия сертификатларини топширганди. Шунингдек, Ўзбекистонда қанча меҳмонхона ва туристик компанияларни аёллар бошқариши маълум қилинганди.