«Қарасам, бармоғим ерда ётибди». Фарғонада газ назоратчиси уйига киришга рухсат бермаган аёлни бармоғидан айирди — фото
Жабрланувчи воқеа тафсилотларини Bugun.uz мухбирига сўзлаб берди
Фарғона шаҳрида ҳудудгаз назоратчиси уйига киришга рухсат бермаган аёл билан жанжаллашгани, бунинг оқибатида аёлнинг бармоғи, қўли, суяк соҳалари синиб, узилиб кетгани ҳақида хабар берилганди. «Bugun.uz» мухбири воқеа тафсилотларига ойдинлик киритиш мақсадида жабрланувчи Мафтуна Абдуллаева билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, «Ҳудудгазтаъминот» вилоят филиали назоратчиси бўлган 25 ёшли А.М. Фарғона шаҳри Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирига борган. У уй эгаси бўлган аёлга газ ҳисоблагичнинг қайд маълумотларини уй ичкарисига кириб кўришини айтиб, жанжал кўтарган. Аёл турмуш ўртоғи йўқлиги ва вояга етмаган фарзанди борлигини айтиб, маълумотларни телефонидан кўрсатган.
Назоратчи, шунга қарамай, уйга киришга ҳаракат қилиб, жанжал кўтарган. Жанжал оқибатида назоратчи аёлни урмоқчи бўлган. Шу пайт аёлнинг қўшниси келиб, назоратчини орқасидан тортган. Бу пайтда ходим эшикни тепган ва оқибатда аёлнинг бармоғи, қўли, суяк соҳалари синиб, узилиб кетган.

«Ўқишга ўғлимни ташлаб, ишга чиқиб кетмоқчи бўлган пайтимда эшик тақиллади. Мен у йигитнинг қўл телефонига ҳисоблагични расмга олиб чикдим, лекин у барибир уйга киришим керак, деб жаҳл килиб, туриб олди. Эшигимни ёпмокчи бўлганимда қўшним — ёши катта аёл чиқиб қолди. Ҳолатни айтиб бераётсам, йигит юзимга мушт туширди. Шу маҳал қўшни аёл унинг курткасидан тортди, шундан сўнг у эшигимни жаҳл билан тепиб кетди. Шу пайт қўлим (бармоқларим) эшик бурчагида қолиб кетди. Аввалига ҳеч нарсани сезмадим, қаердандир қон оқаётганди. Бир пайт қарасам, бармоғим ерда ётибди. Шокда қолгандим, қўшним бармоғим ерда ётганини айтиб қолди. Важоҳатда тепилган темир эшикка анча-мунча одамнинг қўли ярамаса керак.
Кўнглим ўша куни бир оз ғаш бўлгани бекорга эмас экан, чунки 5 январь туғилган куним эди. Хаёлим дугоналаримга дастурхон ёзишда эди. Қўлим эса туғилган кунимга совға бўлди», — дейди аёл.

Унинг таъкидлашича, мазкур воқеа содир бўлганига 5 ой бўлса-да, йигит бирор марта келиб аёлдан узр сўрамаган. Бунинг ўрнига унинг телефон рақамини топиб, уни ҳақорат қилган.
«Агар унга яхши муомала қилмаганим ҳақида гапирган бўлса, кўп вақтдан бери аёллар кийими дўконида менежер бўлиб ишлайман. Кунига камида 100 та аёл билан гаплашаман. Аслида, муомалам тарбиямга мос, ёшим ҳам 36 да. Жиззакилик қилиш давридан ўтганман. Турмуш ўртоғим йўқ, аммо бу воқеа 11 ёшли ўғлимнинг кўз ўнгида содир бўлди. Айбим — уйга киргизмаганим. Газ таъминотидан қарзим ҳам йук эди, шуниси алам қиляпти.
Қўлимни мутахассислар текширди, бармоғим олдингидек бўлмас экан. Чунки ўлик бармоқни улаб қўйишди, холос. Суяклар майдаланиб кетган, иш фаолиятга ярамайди. Қўлим олдингидек иссиқ-совуқни сезмайди. Ҳеч бўлмаганда, қимирласа дейман. Бошига тушган билади. Бунақа азобни тортиш ҳеч кимга ҳавас бўлмаса керак. Бундай ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмасин», — деди Мафтуна Абдуллаева.

Ушбу иш мазмунан кўриб чиқилиши учун судга юборилган пайтда ходим ҳуқуқбузарлик содир этган. У вояга етмаган шахсни яшаш уйи олдида нима сабабдан телефонига жавоб бермаганини айтиб, уриб, тишини синдирган. Йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда ҳайдовчи ва орган ходимлари ўртасида жанжал юзага келгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сурхондарёда қарздорнинг акаси МИБ ходимига пичоқ билан ҳужум қилгани маълум қилинганди.