Қашқадарёда туғуруқхона ходими ноҳақ ишдан бўшатилгани айтилган хабарга изоҳ берилди
Қашқадарё вилоятида туғуруқхона ходими ноҳақ ишдан бўшатилгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Яккабоғ тумани марказий шифохонаси туғуруқ бўлими анестезиолог-реаниматолог врачи М.Н. ўзининг ноҳақ коррупцияда айблангани, хизмат пайтида коронавирус юқтириб олгани, аммо даволаниш жараёнида унга эътибор қаратилмагани, тегишли рағбатлантириш тўловлари тўланмагани, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Б. томонидан ходимларни ишга олиш ва бошқа ҳолатларда тамагирликка йўл қўйилаётгани ҳақида маълум қилган.
Аниқланишича, М.Н. коронавирус инфекцияси билан зарарланган беморларни даволаш ишларига расман жалб этилмаган ва ёпиқ карантин тартибида ишламаган. Шу сабабли унга рағбатлантириш тўловлари тўлаш кўзда тутилмаган. М.Н. 2020 йил 2 сентябрда коронавирус инфекциясини юқтириб олиб, шифохонага ётқизилган. Унга даволаниши жараёнида тегишли талаблар даражасида шароитлар яратилган.
М.Н. Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2021 йил 11 февралдаги ҳукмига асосан, туман шифохонаси туғуруқ бўлими анестезиолог-реаниматолог врачи лавозимидан озод этилган ва туман тиббиёт бирлашмасининг буйруғи билан туман шифохонаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига анестезиолог-реаниматолог врач вазифасига ўтказилган.
Кейинроқ М.Н.нинг ўз аризасига кўра ва Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан, туман тиббиёт бирлашмасининг буйруғи билан тумандаги Дархон оилавий шифокорлик пунктига 1,5 ставка умумий амалиёт шифокори вазифасига ўтказилган. Ҳозирда туғуруқ бўлимида анестезиолог-реаниматолог вазифасида ишламоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятидаги корхонада 200 нафар ишчи бесабаб бўшатилгани айтилган хабарга изоҳ берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда ишдан ноқонуний бўшатилган мактаб директори вазифасига тиклангани малум қилинган.