Самарқандда мактаб ўқувчилари таъмирлаш ишларига жалб қилингани айтилган хабарга изоҳ берилди
Самарқанд вилояти Жомбой туманида мактаб ўқувчилари таъмирлаш ишларига жалб қилингани ҳақида хабар тарқалганди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ва Жомбой туман халқ таълими бўлими раҳбар-ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида Жомбой тумани 28-умумтаълим мактабида ёлланма ишчи ходимлар томонидан енгил таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани айтилган. Хабардаги 6 нафар 7–9-синф ўғил болалари мактабда олиб борилаётган таъмирлаш ишларига ёрдам бериш учун ота-оналарининг розилиги билан келгани аниқланган. Ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандининг розилиги билан мактабдаги таъмирлаш ишларига ёрдам бериш учун юборганини тасдиқлаган.
Шунингдек, мазкур мактаб раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари синф раҳбарлари билан суҳбат жараёнида улар ўқувчиларни мактабдаги таъмирлаш ишларига чақирмаганини айтган.
Таъкидланишича, Жомбой тумани 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўзи ва ота-оналарининг ихтиёрига зид равишда таъмирлаш ишларига жалб қилинмаган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ Шаҳрисабзда шифохона ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилингани акс этган видеога изоҳ берилгани хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020 йилда қанча мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқлангани айтилган.