Шавкат Мирзиёев Татаристон президентини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Татаристон президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги Россия делегасиясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳудудларнинг Татаристон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари Тошкент вилояти мисолида кўриб чиқилган. Устувор йўналишларда кооперация бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш учун кенг имкониятлар мавжуд экани алоҳида таъкидланган.
Қўшма индустриал парк ташкил этиш, кимёвий, металл, электротехника маҳсулотлари ва турли ускуналар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик корхоналар барпо этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, рақамлаштириш ва инновацион ечимларни жорий қилиш лойиҳалари шулар жумласидан.

Учрашувда талаб юқори бўлган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш мақсадида кенг савдо-логистика тармоғини ривожлантириш зарурлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, шаҳарсозлик, уй-жой коммунал хўжалик ва ободонлаштириш соҳасини бошқариш, транспорт коммуникасиялари ва инфратузилмасини такомиллаштириш борасида ҳамкорлик қилиш ва шу соҳалардаги илғор технологияларни ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгaн.

Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги фаол алмашинувлар ҳам давом эттирилади. Учрашув якунида қўшма «йўл харита»лари асосида муҳим йўналишлар бўйича амалий шериклик лойиҳаларини илгари суриш юзасидан келишувга эришилган.
Aввалроқ Татаристон президенти 16−17 июнь кунлари Тошкентга келиши ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик президент бошчилигидаги Россия делегацияси Ўзбекистонга келгани ва Aбдулла Aрипов билан учрашгани хабар қилинган.