11:52 | 16.06.21 29

Тошкентда фуқарони Сержантлар тайёрлаш мактабига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлганлар ушланди

Улар бунинг учун фуқародан 12 минг доллар талаб қилган

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида фуқарони 12 минг доллар эвазига Сержантлар тайёрлаш мактабига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, фуқаро А.Н. ва Д.Н. олдиндан тил бириктириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқаро Ж.ни Ички ишлар вазирлиги академияси қошидаги Сержантлар тайёрлаш мактабига 12 000 доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Шундан 6000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда танишини Юридик университетга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган аёл ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Сирдарёда 3 нафар фуқарони ўқишга киритишини айтиб, талабалик буйруғини сохталаштирганлар қўлга олинган.