Тошкентда ички ишлар ходимлари бола кўтарган аёлни мажбурлаб машинага чиқарди
Шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан изоҳ берди
Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 16 июнь куни патруль-пост хизмати ходимлари қўлида боласини кўтариб олган аёлни хизмат машинасига мажбурлаб чиқарди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, соат 10:30 да Юнусобод тумани Aмир Темур кўчасида Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари Эржан Жиянбеков ва катта сержант Мансур Орипов тиланчилик билан шуғулланиб, фуқароларнинг раҳмини келтириш мақсадида гўдаклардан фойдаланаётган бир нечта аёлларни кўриб қолган. Шу билан бирга, аёллар ўзининг ва фарзандларининг ҳаётини жиддий хавф-хатарга қўйиб, автомобиль ҳаракати йўлига чиққан.
Фуқароларнинг шахсини аниқлаш учун улар ички ишлар бўлимига таклиф қилинган, аммо улардан бири жавобгарликдан қочиш учун бақиришга, қаршилик кўрсатишга киришиб, атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилган.
Aёлнинг шахси аниқланганда у билан бир неча бор профилактик суҳбатлар ўтказилгани маълум бўлган. Фуқаро илгари ҳам тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилгани ҳақида огоҳлантирилган. Суҳбатлар давомида унга бир неча бор ишга жойлашишда ёрдам таклиф қилинган.
Aввалроқ Тошкентда ички ишлар ходими ва фуқаро ўртасида жанжал содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда ҳайдовчи ва орган ходимлари ўртасида жанжал юзага келгани хабар қилинган.