Ўзбекистонда аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси баҳоланади
Шавкат Мирзиёев 16 июн куни «Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзAда эълон қилинди.

Қайд этилишича, қарор Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, уларни оммавий ҳаракатга айлантириш, аҳолининг жисмоний қобилиятини аниқлаш ва рағбатлантириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида қабул қилинган.
Унга кўра, 2021 йил 1 августдан бошлаб аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади. Қуйидагилар унинг асосий мақсади этиб белгиланади:
- аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш ҳамда зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш;
- ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатларни мустаҳкамлаш, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатларини ривожлантириш, юрт шарафини ҳимоя қила оладиган, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли ватан мудофаасига муносиб захира кадрларни тайёрлаш;
- республика ҳудудида, шу жумладан, олис ҳудудларда жойлашган қишлоқлар, овуллар, маҳаллаларда аҳолини соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш;
- аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг халқаро стандартлари ва илғор хорижий тажрибасини татбиқ этиш.
Қарор билан қуйидагилар белгилаб қўйилади:
- Баҳолаш тизими бўйича спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди.
- Спорт синовлари поғона ва мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 15 турдаги, шу жумладан, узоқ ва қисқа масофаларга югуриш ҳамда сузиш, турникда тортилиш, анжомларни улоқтириш ва бошқа машқлардан иборат бўлади.
- Спорт синовлари иштирокчиларига 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади ҳамда улар моддий ва бошқа совғалар билан рағбатлантирилади.
- Туризм ва спорт вазирлиги спорт синовлари тадбирлари ўтказилишининг ташкилотчиси ҳисобланади.
Aввалроқ Ўзбекистонда 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўлаш тартиби белгилангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, 10 майдан бошлаб кўп юрганларга қанча пул тўланиши айтилганди.