Афғонистондаги туманлардан бири «Толибон» ҳаракатига ҳеч қандай жангсиз топширилди
Афғонистоннинг Забул вилоятида жойлашган Шинки тумани маҳаллий оқсоқоллар воситачилиги билан «Толибон» ҳаракатига топширилди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, Зобул вилояти кенгаши раҳбари Атта жон Ҳақбян кейинчалик оммавий ахборот воситаларига юборилган видеода вилоятнинг Шинки тумани маҳаллий оқсоқоллар орқали «Толибон» ҳаракатига ҳеч қандай жангсиз топширилганини тасдиқлаган.
Нуристон вилояти ҳокими Ҳофиз Абдул Қайюмнинг айтишича, ҳукумат амалдорларини ушбу вилоятда жойлашган Ванта Вигел туманини жангсиз топширишга чақирган 20 нафар маҳаллий оқсоқол хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган. Аммо бундан олдин вилоятдаги Доаб ва Мандул туманларининг айрим ҳудудлари маҳаллий оқсоқоллар воситачилиги билан қаршилик ва тўқнашувларсиз ҳаракат назоратига ўтган.
Аввалроқ «Толибон» Афғонистондаги туманлардан бирини қўлга олгани хабар берилган. Шунингдек, мамлакатдаги яна бир туман назорат остига олингани маълум қилинганди.