Aфрикада ҳажми жиҳатдан дунёдаги учинчи йирик олмос аниқланди — фото
Ботсвана давлатида кончилар ҳажми жиҳатдан дунёда учинчи ўринда турувчи 1098 каратли олмосни топди. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.

Маълум қилинишича, тош Ботсвананинг жанубий қисмида жойлашган дунёдаги энг қимматбаҳо Жваненг конида хусусий компания томонидан аниқланган.
Маълумотларга кўра, Ботсвана Aфриканинг етакчи олмос етказиб берувчи давлати ҳисобланади. Дунёдаги иккинчи йирик олмос сифатида қайд этилган «Lesedi La Rona» олмоси ҳам 2015 йилда айнан шу ерда аниқланган.
Дунёдаги энг катта олмос эса Куллинан (вазни 3106 карат) бўлиб, 1905 йилда Жанубий Aфрикада топилган. 1908 йилда тош тахминан 100 бўлакка бўлиниб, энг катта қисми Лондонга жўнатилган ва Буюк Британия қироллик ҳассасига ўрнатилган.


«Bloomberg» маълумотларига кўра, янги тошни баҳолаш яқин ҳафталарда бўлиб ўтади, шундан сўнг Ботсвананинг олмос савдоси билан шуғулланадиган давлат компанияси уни сотиб олиш ёки хусусий компанияга уни сотишга рухсат бериш бўйича қарор қабул қилади.
Аввалроқ Янги Гвинеяда «шоколад» қурбақа топилгани маълум қилинган. Шунингдек, Мексикадаги қадимги майя ғоридан сирли қўл излари топилгани ҳақида хабар берилганди.