Президент фармони билан давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади
Шунингдек, йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси аниқланади
Президент фармонига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинган. Фармонга кўра, 2021 йил 1 сентябргача:
- Очиқ маълумотлар портали давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали билан интеграция қилинади;
- республикадаги ҳар қандай бино ва иншоотларнинг мулкдори ёки эгаси тўғрисидаги маълумотлар, мазкур бино ва иншоотларнинг манзилини киритиш орқали билиш электрон интерактив хизмати ишга туширилади;
- «автомобиль тарихи» тўғрисидаги маълумотлар, автомототранспортлар бериладиган рўйхатдан ўтказиш миллий давлат рақами белгилари, автотранспортлар рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаларининг серия ҳамда рақамини киритиш ва ҳақ тўлаш орқали аниқлаш электрон интерактив хизмати ишга туширилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 августгача Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси расмий веб-сайтида ва порталда Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базаси ишга туширилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилган. Агентлик, жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотларни интернетга жойлаштириш мажбуриятлари ҳисобини юритади.
Фармонга кўра, «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
2021 йил 1 декабрдан йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси аниқланади. Қуйидаги тадбирлар телеканаллар, шунингдек, интернет орқали жонли эфирга узатилади:
- Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари;
- тарафларнинг розилиги билан айрим ҳуқуқбузарликларга ва оилавий низоларга оид фуқаролик суд ишлари.
Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг асосий вазифалари белгилангани хабар қилинганди. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига фуқаролардан қанча мурожаат келгани очиқланган.