Самарқандда «Жигули» ва «Сaptiva» ҳайдовчилари ўртасида жанжал содир бўлди
Самарқанд вилояти Ургут туманида «Жигули» ва «Саptiva» ҳайдовчилари бир-бирига йўл бермаслиги оқибатида жанжал келиб чиқди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Хабарга кўра, ҳолат 16 май куни соат 22:30 ларда Деҳқонобод маҳалласида содир бўлган. «ВАЗ-2106» ҳамда «Саptiva» русумли автомашина ҳайдовчиларининг бир-бирига йўл бермаслиги оқибатида фуқаролар ўртасида келишмовчилик юзага келган. Жанжалга автомашиналарда бўлган фуқаролар ҳам қўшилган. Жанжал оқибатида икки нафар фуқаро тан жароҳати олиб, Ургут тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Қайд этилишича, ҳозирда жабрланувчилар олган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизаси тайинланиб, Ургут тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ички ишлар ходими ва фуқаро ўртасида тортишув содир бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Наманганда ҳайдовчи ва орган ходимлари ўртасида жанжал юзага келгани маълум қилинган.