Татаристон президенти Бухоро кўчаларида велосипедда сайр қилди — фото
Татаристон президенти Рустам Минниханов 17 июнь куни Бухоро шаҳри кўчаларида велосипедда сайр қилди. Унга бу таклифни туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов билдирди, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Татаристон президенти Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида 17 июнь куни Бухоро шаҳрига борган. Уни халқаро аэропортда Азиз Абдуҳакимов ва вилоят ҳокими Ботир Зарипов кутиб олган.

Юқори мартабали меҳмон шаҳарнинг тарихий қисми — Арк қалъаси, Исмоил Сомоний ва Чашмайи Аюб мақбараларини бориб кўрган. Шундан сўнг бош вазир ўринбосари унга шаҳарда велосипедда сайр қилиш таклифини берган. Шу билан Татаристон президентининг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.


Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Татаристон президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилганди. Учрашувда талаб юқори бўлган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш мақсадида кенг савдо-логистика тармоғини ривожлантириш зарурлиги қайд этилган.