Ўзбекистонда давлат ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш тартиби белгиланди
Президент жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир фармонни имзолади
Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзAда эълон қилинди.

Қайд этилишича, фармон давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Aдлия вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таҳлиллар асосида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини янада кенгайтириш бўйича доимий равишда Президент Aдминистрасиясига таклифлар киритиб боради.
Давлат органлари ва ташкилотлари:
а) Ҳар йили:
- 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;
- 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.
б) 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:
- амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
- мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
- Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
- ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.
в) 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўз ҳузурида фаолият юритувчи жамоатчилик кенгашлари билан биргаликда расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириб, уларнинг ҳар чоракда янгиланиб борилишини таъминлайди:
- жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда уларнинг алоқа маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари);
- жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар;
- давлат харидларини амалга оширувчи комиссиянинг тасдиқланган аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, иш жойи ва эгаллаб турган лавозими);
- лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган органларнинг ҳудудлар кесимида масъул ходимлари, шу жумладан, ушбу тоифадаги ҳужжатларни беришни ташкиллаштирадиган тегишли комиссия аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, эгаллаб турган лавозими).
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Наманганда журналистлар саволларига жавоб қайтарганди. Шунингдек, Президент 18 март куни «Шоввозсой» дам олиш зонаси масаласида муносабат билдирган.