Ўзбекистонда ҳудудлар ва давлат органларининг рақамли ривожланиш рейтинги тузилади
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ҳудудларни рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, низомга кўра, баҳолаш рейтинг кўрсаткичлари ва индикаторлари ёрдамида рақамли ривожланиш ҳолатини баҳолаш орқали ташкилотлар ҳамда ҳудудларни энг юқори натижадан энг паст натижагача сараланган рўйхатдаги ўрнини белгилаш ҳисобланади. Индикаторларни рейтинг баҳолаш натижаларига мувофиқ ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси рейтинг бали бўйича:
- 71 баллдан 100 баллгача бўлган ташкилот — «яшил»;
- 55 баллдан 71 баллгача бўлган ташкилот — «сариқ»;
- 55 баллдан паст бўлган ташкилот — «қизил» деб топилади.
Рейтинг баҳолаш якунлари бўйича ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси «яшил» деб топилган ташкилотларнинг ижобий иш тажрибаси бошқа ташкилотлар ўртасида оммалаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилади.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг глобал ривожланиш рейтингидаги ўрни маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ривожланиш рейтинги жорий этилиши хабар қилинган.