Эрдўғон Путин билан учрашмоқчилигини маълум қилди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин билан учрашмоқчилигини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг сўзларига таяниб, «Rambler» хабар берди.

Маълум қилинишича, Эрдўғон Путин билан учрашиш истаги ҳақида Бокуга ташрифи чоғида журналистлар билан учрашувда айтган. Шунингдек, у Россия раҳбари билан музокаралар давомида суҳбатлашмоқчи бўлган мавзуларидан бирини очиқлаган.
Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, у Путин билан Озарбайжоннинг ғарбий минтақалари ва унинг эксклави бўлмиш Нахичеван автоном республикаси ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш мақсадида Арманистон ҳудуди орқали ўтадиган Зангезур йўлаги лойиҳасини муҳокама қилиши мумкин.
Эрдўғоннинг айтишича, Россия йўлак яратиш лойиҳасини кечиктириш ниятида эмас, аксинча, Москва уни тўлиқлигича қўллаб-қувватлайди.
«Озарбайжон президенти музокаралар олиб бормоқда, агар керак бўлса, яқин орада Путин билан музокаралар ўтказаман», — дея таъкидлаган Туркия раҳбари.
Маълумот ўрнида, Эрдўғон 15 июнь, душанба расмий ташриф билан Бокуга келган, 16 июнь, сешанба куни эса 2020 йилда Боку назорати остига ўтган Шуша шаҳрида Озарбайжон президенти билан иттифоқ тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Ҳужжатда бошқалар қатори мудофаа ва бу соҳадаги ўзаро ёрдам масалаларига ҳам тўхталган.
Аввалроқ Туркия ҳамиша Озарбайжон билан бирга бўлишини маълум қилган. Шунингдек, Озарбайжонда Туркия ҳарбий базаси ташкил этилиши мумкинлигини айтганди.