Фарғонада аёл бошқарувида бўлган «Matiz» 2 машина билан тўқнашиб, ЙТҲ содир этди — видео
Фарғона вилояти Риштон туманида қувиб ўтиш қоидасини бузган «Matiz» «Spark» билан тўқнашиб, «Nexia»га урилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа Риштон тумани ҳудудидан ўтувчи 4-R 112 Фарғона ҳалқаси автомобиль йўлининг 261-километрида содир бўлган. Аниқланишича, туманнинг Уста Абдулла кўчасида яшаган М. исмли аёл «Matiz» машинасини бошқариб кетаётиб, қувиб ўтиш қоидасини бузган. Қоидабузарлик сабаб аёл бошқарувидаги «Matiz» Фарғона шаҳар Янги замон кўчасида яшовчи эркакка тегишли «Spark» автомобилига урилиб, қарама-қарши йўналишда келаётган «Nexia» билан тўқнашиб кетган. Мазкур ҳодиса оқибатида аёл ҳайдовчи шифохонада вафот этган.
Шунингдек, вилоятнинг Қўштепа тумани ҳудудидан ўтувчи 4-R 147 автомобиль йўлининг 8-километрида «Lacetti» ҳайдовчиси тезликни ошириб юбориб, йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетган аёлни уриб юборган. Ҳодиса оқибатида жабрланувчи тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Аввалроқ Тошкентда юқори тезликда ҳаракатланган «Captiva» «Nexia» билан тўқнашиб, «Москвич»га урилиши оқибатида ҳайдовчилардан бири вафот этгани хабар қилинган. Шунингдек, Навоийда «Камаз» велосипедчи аёлни уриб юборгани маълум қилинган.