13:53 | 18.06.21 74

Мигрантларга Россияга бориши учун чартер поездлар йўлга қўйилиши мумкин

Бу бўйича мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таклиф билдирган

Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия темир йўллари билан биргаликда ушбу соҳада мавсумий ишлайдиган муҳожирларни Россияга олиб кириш учун чартер поездларни йўлга қўйиши мумкин. Бу ҳақда «Kommersant» хабар берди.

Фото: «Yandex.ru»

Газета манбасининг маълум қилишича, ушбу масала ўтган ҳафта вазирликда бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва ҳудудлар раҳбарлари билан бирга чартер поездларни йўлга қўйиш учун жамоавий аризалар юбориш бўйича иш олиб бораётганини тасдиқлаган. 

Маълумотларга кўра, умумий ҳисобда 2021 йилда агросаноат соҳасидаги мавсумий ишларга қўшни давлатлардан 38,2 минг ишчини жалб қилиш режалаштирилган.

«Айни пайтда хорижлик ишчилар Россияга фақат авиация ёрдамида келиши мумкин. Аммо бу учун қилинаётган сарф-харажатлар жуда юқори. Шу боис иложи борича тезроқ чартер поездлар қатновини йўлга қўйиш кўзда тутилган», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, чартер поезд қатновларининг йўлга қўйилиши Россия агросаноат мажмуасининг ривожланиш суръатларини сақлаб туришга имкон беради.

Аввалроқ Россиядан Ўзбекистонга мигрантларни ташиш учун қўшимча поезд йўлга қўйилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Россияда мигрантлар учун мамлакатда бўлишнинг 3 та асосий мақоми жорий қилиниши маълум қилинган.