Президент Бобур номидаги ахборот-кутубхона марказини бориб кўрди
Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни Андижон шаҳридаги йиғилишдан сўнг бунёдкорлик ишлари ва янги лойиҳа тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари дастлаб Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказига борган. Бу бино 2021 йилда реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланган. Китоблар сақланадиган ертўла ва махсус хоналарнинг ости бетонланган. Уч қаватли бино замонавий қиёфа ва шароитга эга бўлган. Кутубхона 872 минг нусхадан ортиқ китоб фондига эга.
Президент марказда яратилган шароитлар билан танишган.

«Бу жой Андижон вилоятининг маънавият маркази бўлиши керак. Фарзандларимизни ўқитиш — келажакка инвестиция. Шунинг учун бу ерга ёшларни кўпроқ жалб этиш, натижадорликни ошириш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Кутубхона фондини бойитиш учун маблағ ажратиш, уни мактаб ва олий ўқув юртлари билан самарали боғлаш, бу ерда Андижон тарихи, Бобур, Чўлпон, Муҳаммад Юсуф каби шоирлар ижоди бўйича танловлар ўтказиш зарурлиги таъкидланган.

Ахборот-кутубхона марказида 68 нафар ходим ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Президент уларни маҳаллий бюджет ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш бўйича топшириқ берган.
Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрининг Бобур кўчасида қуриладиган кўприк лойиҳаси билан танишган. Бу иншоот Самарқанд тажрибаси асосида, монолит услубида қурилиши режалаштирилган. У Марказий темир йўл вокзали устидан ўтади ва шаҳарнинг икки қисмини боғлайди. Кўприк узунлиги қарийб 700 метр бўлиши ҳисоб-китоб қилинмоқда.

Унинг қурилиши натижасида масофа 5 километрга, вақт сарфи эса 25 фоизга қисқариб, Андижон аҳлининг неча йиллик орзу-ниятлари амалга ошади.
Давлат раҳбари лойиҳани маъқуллаб, тегишли маблағ ажратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берган.
Президент Андижон туманидаги «Андижон гуллар боғи»ни бориб кўрган.

«Бу ҳам гўзаллик, ҳам даромад, ҳам маърифат. Бундай боғларни ҳар бир туманда ташкил этиб, аёлларга гул етиштиришни ўргатиш керак. Бу орқали ‘Аёллар дафтари’га кирган хотин-қизларни ишли, даромадли қилиш мумкин», — дейди Президент.
Шу билан Президентнинг Андижон вилоятига ташрифи якунланди.

Аввалроқ Андижонда мураккаб операцияларга муҳтожлар учун махсус жамғарма ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент Андижоннинг бугунги ҳолатига баҳо бергани хабар қилинган.