Сурхондарёда «Damas» ҳайдовчиси ухлаб қолиши оқибатида дарахтга урилди — видео
Сурхондарё вилояти Ангор туманида 15 июнь куни «Damas» автомобили ҳайдовчиси ухлаб қолиши оқибатида дарахтга урилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 июнь куни Ангор туман ҳудудидан ўтган 4R-102 автомобиль йўлининг 16-километрида «Damas» автомобили билан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. «Damas» ҳайдовчиси оила аъзолари билан меҳмонга кетаётган бўлган. Ҳайдовчи йўлда ухлаб қолиши оқибатида дарахтга урилган.
Бунинг оқибатида машинанинг олд ўриндиғида бўлган ҳайдовчининг қайнанаси воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, унинг қизи ва хотини оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Воқеа сабаблари ўрганилганда, ҳайдовчининг ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 1 йил ҳам бўлмагани аниқланган.
Аввалроқ Тошкентда «Lacetti» қизил чироқда тўхтаб турган юк машинасига бориб урилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда «Nexia» ва «Largus» тўқнашиб кетгани маълум қилинган.