Туркия Кобул халқаро аэропорти хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнаши айтилди
Aфғонистондан AҚШ қўшинлари чиқарилганидан кейин Кобул халқаро аэропорти ҳаво хавфсизлигини таъминлашда Туркия муҳим роль ўйнаши маълум қилинди. Бу ҳақда Оқ уйнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг матбуот анжуманида айтган сўзларига таяниб, «Bugun.uz»нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.

Салливаннинг айтишича, AҚШ президенти Жо Байден ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон НAТО саммити доирасида Кобул халқаро аэропортининг хавфсизлигини муҳокама қилган ва ушбу масалада ҳамкорлик қилишга келишган. Шунингдек, Эрдўғон Байдендан бир миссияни амалга оширишда ёрдам сўраган. Байден эса буни маъқулланган.
Қайд этилишича, Туркия ва AҚШ раҳбарларининг келишуви Туркиянинг Кобул халқаро аэропорти хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини англатади. Таъкидланишича, AҚШ Кобулдаги сиёсий ваколатхоналар ва ҳарбийларни олиб чиқиб кетганидан кейин Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлаш халқаро ҳамжамият учун муҳим масала бўлади.
Таъкидланишича, Кобул аэропорти хавфсизлигини Туркия кучларига топшириш масаласи бундан олдин ҳам бир неча бор кўтарилган. Хусусан, Туркия президенти Aфғонистондан AҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетиш тугагандан сўнг мамлакатнинг янги миссиясида Туркия қўшинлари иштирок этиши мумкинлиги ҳақида айтиб, Покистонни бу борада ҳамкорлик қилишга чақирган.
Аввалроқ Туркия ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиши кераклиги маълум қилинган. Шунингдек, Эрдўғон Туркия Афғонистондаги вазиятни бошқарадиган ягона ишончли давлат эканини айтганди.