Ўзбекистонда 10 минг қадам юрганларга пул тўлайдиган платформа ишга тушди
Ўзбекистонда аҳоли орасида югуриш ва пиёда юришни оммалаштириш учун «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ишга туширилди. Бу ҳақда «Spot.uz» хабар берди.

Келтирилишча, «1hls.uz» сайти орқали iOS ва Android учун дастурларни юклаб олиш мумкин. Дастурда рўйхатдан ўтиш учун ONE ID аккаунтига эга бўлиш талаб қилинади. Рўйхатдан ўтишда фойдаланувчининг бўйи, вазни, яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар тўлдирилади ва дастурга турли босқичларда киритилади.
Таъкидланишича, платформанинг Android версияси аллақачон 10 минг мартадан кўпроқ юклаб олинган. Илова Аpp Store’да бешта юлдуздан иккитасини олган. Айрим фойдаланувчилар рўйхатдан ўтолмаётганини айтмоқда. Келтирилишича, фойдаланувчи шахсий маълумотларига кирмокчи бўлганида Google киришни блоклайди.
Шунингдек, иловани ишлатувчилар ҳисобларига пул ўтказилмаётганини таъкидлаган. Илованинг асосий экранида эса вақти-вақти билан унинг синов режимида экани ва шу туфайли пул ўтказмаслиги тўғрисида хабарнома пайдо бўлади. Бироқ дастур юклаш жараёнида айрим фойдаланувчиларнинг аллақачон пул олгани ҳақидаги шарҳларни топиш мумкин.
Маълумот ўрнида, «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан ўтказилади.
Ҳудудлар кесими бўйича энг кўп юрган шахсларга ҳар ойда:
- туман (шаҳар)да — 300 минг сўм;
- вилоятлар ва Тошкент шаҳрида — 500 минг сўм;
- Республика бўйича — 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.
Платформада фуқароларнинг юрган қадамлари ҳисоби соат 00:00 дан 23:59 гача юритилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўлаш тартиби белгилангани ҳақида хабар берилганди.