Исроил полицияси билан тўқнашувда 400 га яқин фаластинлик жароҳатланди
Иордан дарёси ғарбий соҳилида Исроил чегара полицияси билан тўқнашувда камида 386 нафар фаластинлик жароҳатланди. Бу ҳақда Фаластин Қизил ярим ой жамияти маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, 286 киши кўздан ёш оқизувчи газдан заҳарланган бўлса, 55 нафари резинали ўқ, 38 нафари куйиш ва яна етти киши флеш граната оқибатида жароҳатланган. Энг шиддатли тўқнашувлар Наблус вилояти жанубидаги Бейта ва Бейт-Дажан аҳоли пунктлари яқинида содир бўлган, бу ерда маҳаллий аҳоли ҳар жума куни Исроил аҳоли пунктлари фаолиятига қарши норозилик намойишларини ўтказади.
Маълумот ўрнида, 18 июнь, жума куни Исроилнинг Ғазо секторига ҳужуми фонида Қуддусдаги Маъбад тоғида фаластинликлар ва Исроил полициячилари ўртасида тўқнашув содир бўлган.
Аввалроқ Исроил Ғазо секторига яна ҳаво ҳужуми уюштиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Исроил ҳужумларидан зарар кўрган Ғазода қайта қуриш ишлари қачон бошланиши маълум бўлганди.