Хоразмда 33 ёшли аёл турмуш ўртоғига битта буйрагини берди
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Хоразм вилояти филиалида 33 ёшли Юлдуз Рўзметованинг битта буйрагини эри Мардон Полвоновга кўчириб ўтказиш операцияси амалга оширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Республика маркази мутахассислари вилоятдаги ҳамкасблари билан буйрак трансплантацияси амалиётини муваффақиятли амалга оширган. Операция қарийб 5 соат давом этган.
«Марказимиз томонидан қисқа вақт ичида 137 марта ўтказилаётган бундай ноёб амалиёт илк бор вилоятда бажарилиши тарихий аҳамиятга эга. Мақсадимиз чекка ҳудудлар аҳолисини ортиқча оворагарчиликларсиз яшаш жойининг ўзида малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир. Очиғи, олдинлари вилоятларда ҳам одам аъзоларини кўчириб ўтказишдек мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади, дейилса, ишониш қийин эди. Бугун ана шу кўп йиллик орзу ҳақиқатга айланди», — дейди марказ бош директори Даврон Туляганов.
Маълум қилинишича, амалиёт тиббиёт фанлари доктори Фарҳод Ҳожибоев раҳбарлигида амалга оширилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши.
«Турмуш ўртоғим бир йилдан буён гемодиализ муолажаси олиб келади. Туманимиз вилоят марказига узоқлиги бизга анча ноқулайлик туғдирарди. Ҳатто хорижга бориб даволатишга ҳам рози эдик. Дунёда фалон пул турадиган амалиёт вилоятимизнинг ўзида бепул амалга оширилганидан хурсандмиз. Насиб қилса, икки фарзандимизни ҳам зиёли, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаймиз. Орзум ўз турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан бахтли яшашдир», — дейди аёл.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Наманган вилоятида Чортоқ туманида 21 ёшли қиз онасига бир буйрагини берганди. Бу операция буйрак кўчириб ўтказиш амалиётининг илк марта вилоят тиббиёт муассасасида ўтказилиши ҳисобланади.