Ўзбекистонда 400 дан ортиқ информатика ўқитувчиси «Python» дастурлаш тилини ўрганади
Ўзбекистонда Халқ таълими вазирлигининг ташаббуси билан 430 нафар информатика фани ўқитувчиси «Python» дастурлаш тилини ўрганади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Халқ таълими вазирлиги томонидан Информатика ва ахборот технологиялари фани дарсликлари замон талабига мослаштирилиб, унга дастурлаш тиллари (Scratch, Python) ҳам қўшилди. Шу сабабли ушбу фан ўқитувчиларида дастурлаш тиллари бўйича вужудга келган «бўшлиқ»ни тўлдириш мақсадида ўқитувчиларни янги дастурлаш тилларида ўқитиш ва малакаларини ошириш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг июнь ойидан бошлаб ҳар бир ҳудудлардан саралаб олинган 430 нафар информатика ўқитувчиси «Python» дастурлаш тили бўйича қуйидаги 3 босқичда ўқитилади:
- 1-босқич: «Basic Python» — 160 соат;
- 2-босқич: «Django Python» — 72 соат;
- 3-босқич: «Full Python» — 4 соат (маҳорат дарси).
Шунингдек, ўқув курсини муваффақиятли тамомлаб, ўз тажрибаларини ўқувчилари ҳамда ҳамкасблари ўртасида оммалаштирган ўқитувчилар вазирлик томонидан рағбатлантирилиши айтилган. Шу билан бирга, жойларларда ташкил этилаётган информатика ва ахборот технологиялари фани чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар учун кадрлар захираси шаклланади. Мазкур мактабларда ишлайдиган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 50 фоизгача устама қўшилиши таъкидланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда мактаб ўқитувчилари малака ошириш тизими электронлаштирилиши хабар қилинган. Шунингдек, чет тиллар ўқитувчилари учун янги талаблар белгилангани маълум қилинган.