13:33 | 19.06.21 253

Ўзбекистонда сабзи нархи қимматлашганига изоҳ берилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу бўйича муносабат билдирди

АОКАда 19 июнь, шанба куни бўлиб ўтган брифингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Хўжаева Ўзбекистонда нега сабзи нархи қимматлашганига изоҳ берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, 2021 йилнинг апрель-май ойларида сабзининг бозорлардаги ўртача нархи 2000–2500 сўмни ташкил этган. Аммо ҳозирги пайтда сабзининг нархи кескин ошиши кузатилмоқда. 

Нигора Хўжаеванинг қайд этишича, 2021 йил февраль-март ойларида фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг асосий майдонларида 15,2 минг гектар, аҳоли томорқаларида эса 18,4 минг гектар сабзи экинлари экилган. 

«Февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетиши кузатилди. Айнан шу сабабли эртаки муддатда экилган сабзининг пишиши 20–25 кунга узайиши қайд этилди. Шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойининг охирига тўғри келмоқда. Айни пайтда вазирлик тегишли мутасаддилар билан биргаликда маҳсулотни қисқа муддатда даладан йиғиштириб олиш ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий деҳқон бозорларига ўз вақтида етказиб бериш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқди», — деди ахборот хизмати раҳбари.

У, шунингдек, айни пайтда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ғалладан бўшаган 40,5 минг гектар майдонларга сабзи экиш режалаштирилганини маълум қилди. Республика бўйича 2021 йилда эртаки ҳосил олиш учун 2020 йил кеч кузда тўқсонбости усулида 30,3 минг гектарга ёки 2020 йилга нисбатан 5,8 минг гектарга кўп сабзи экилганини қайд этди.

«Бу эса сабзини апрель ойидан бошлаб бозорга чиқариш, экспорт географиясини кенгайтириш ва экин ерлардан бир йилда уч муддат маҳсулот етиштириш орқали самарали фойдаланиш имконини беради. Республикада экспорт учун сабзининг истиқболли навлари кўп экилиб келинмоқда. Хорижий навларидан ‘Шантане 2461’, ‘Нантская 4’, ‘Курадо шантане Ғ1’, ‘Новая Курадо’, ‘Каскаде Ғ1’, ‘Карсон Ғ1’ навлари хам экилиб келинмоқда. Сўнгги йилларда сабзи етиштиришда инновацион ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш натижасида ҳосилдорлик 20–25 тоннадан 30–40 тоннагача оширилишига эришилди. Бу эса, ўз навбатда, 1 килограмм сабзи етиштириш таннархи 700–800 сўмга (6,5–7,5 цент) ёки 1,5 баробар арзон бўлишига олиб келинмоқда», — деди у.

«Жойларда ўрнатилган мониторинг натижаларига асосан, республикада 2021 йилнинг 15 июнигача 280 минг тонна (йиллик режанинг 12фоизи) сабзи етиштирилди, шундан 39 минг тонна (2020 йилга нисбатан 133 фоиз) сабзи экспортга йўналтирилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган апробация натижалари бўйича эрта баҳор ойларида, яъни февраль-март ойларида экилган сабзи 2021 йилнинг 28–30 июнидан бошлаб ёппасига даладан йиғиштириб олиниши бошланади. Бу эса, ўз навбатида, бозорларда сабзининг ўртача нархи 1,5–2 минг сўмгача пасайишига олиб келади. Республика ҳудудларининг иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда сабзи маҳсулоти октябргача далаларда етиштирилиб, аҳолига етказиб бериш бўйича прогноз параметрлари белгиланган. Бугунги кунда республика деҳқон бозорларида сабзининг ўртача нархлари 6000–8000 сўм/кг бўлса, фермер хўжаликлари дала майдонларида 4000–5000 сўм/кг гача ташкил этмоқда», — деди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари.

Аввалроқ Ўзбекистонда пахта ёғи ва цемент нархи тушгани маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда бензин нархи ошганига изоҳ берилган.