14:04 | 20.06.21 79

Бухорода меҳмонга борган йигит уй эгасини темир билан уриб, ўлдириб қўйди — видео

Бу ҳақда вилоят ИИБ Bugun.uz’га маълумот берди

Бухоро вилояти Шофиркон туманида йигит танишини темир билан калтаклаб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди. 

Фото: Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Б. исмли йигит таниши М. исмли қиз билан бирга Шофиркон тумани Шофиркон шоҳ кўчасида жойлашган 50-сонли уйда яшовчи таниши А. исмли йигитнинг яшаш уйига меҳмондорчиликка борган. Кечки 00:30 га қадар суҳбатлашган ва ҳаво совуқлиги боис спиртли ичимлик ичган. Шундан сўнг Б. ва А.нинг орасида жанжал содир бўлган.

Жанжал давомида А. Б.ни темир бўлаги билан уриб, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган. Бундан жаҳли чиққан Б. шеригининг қўлидан темир бўлагини тортиб олиб, мазкур темир бўлаги билан унинг бош, юз, қорин, қўл ва танасининг турли қисмларига ҳаёт учун хавфли бўлган усулда қасддан бир неча маротаба уриб унга оғир тан жароҳати етказган. Маст ҳолатда бўлгани учун А. ўзини ҳимоя қила олмаган ва воқеа жойида ҳалок бўлган.

Мазкур ҳолат юхасидан айбланувчи Б. Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандида кўрсатиб ўтилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Самарқандда эркак танишига бир неча бор мих тиқиб ўлдиргани ва Наманганда 24 ёшли йигит дўконда сотувчини пичоқлагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухорода мактаб ўқитувчиси маҳалладошини пичоқлагани маълум қилинган.