«Оёқ-қўлимни боғлаб, олиб кетишди». Самарқандда 19 ёшли қиз ҳамкасби томонидан зўрланди — видео
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 19 ёшли қиз ҳамкасби томонидан зўрланди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, воқеа 23 май куни содир бўлган. Қизнинг сўзларига кўра, у ишлаётган текстилда тунги навбатчиликда қолган. Соат кечки 10 дан ўтиб, 11 ларга яқин корхона устаси кириб келиб, ундан коридорга чиқишини сўраган.
«Ишхонамизнинг устаси кириб келиб, коридорга чиқишимни сўради. Чиқмасанг бўлмайди деди. Шундан сўнг оёқ-қўлимни боғлаб, машинада олиб кетишди. Шу бинонинг ёнбошида қурилиши битмаган 9 қаватли бино бор эди. Бинонинг атрофида бир-икки одам бор эди. Оғзим боғлаб қўйилгани учун бақиролмас эдим. Ҳолат машинада бўлди», — дейди қиз.
Шунингдек, у фақат онаси иккаласи ишлаётганини, отаси ва укаси ҳеч қаерда ишламаслигини маълум қилган.
«Оилавий шароитимиз оғирроқ. Уйда фақат мен ва онам ишлаймиз. Дадам ишламайди, ишсиз, укам ҳам ишламайди. Оиламизга моддий ёрдам бўлсин, деб ишламоқчи эдим», — деган жабрланган қиз.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда номусга тегиш ҳолатлари 2020 йилда 27,7 фоизга ошган. Шунингдек, 2021 йилнинг 15 апрелига қадар омбудсманга хотин-қизлар томонидан 20 га яқин жинсий ва жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ ўтказиш бўйича мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади.
Аввалроқ Сурхондарёда аёл дарё олдига олиб борилиб, зўрлангани айтилган хабарга изоҳ берилган эди. Шунингдек, Россияда 11 ёшли қизнинг номусига теккан ўзбекистонлик эркак қўлга олингани ва Жиззахда 25 ёшли йигит қўшнисининг ётоқхонасига кириб, аёлга таҳдид қилгани маълум қилинган.