Сирдарёда ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқарди — видео
Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида ҳайдовчи маст ҳолда меъёрдан ортиқ йўловчи билан автобус бошқарди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, М-34 автомобиль йўлининг 140-километрида давлат рақами 20 U 495 DA йўловчи ташувчи автобуси белгиланган ўриндиқлар меъёридан ортиқ йўловчи миндириб келган. ЙПХ ходими ушбу қоидабузарлик учун тегишли тартибда маъмурий баённома тузиш мақсасдида жезл ва ҳуштак ёрдамида автобусни тўхтатган. Ходим билан суҳбат давомида ҳайдовчининг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келган.
Шундан сўнг ҳайдовчи тиббий кўрикка олиб борилганда спиртли ичимлик ичгани тўғрисидаги хулоса берилган. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига асосан баённома расмийлаштирилиб, автобус жарима майдончасига олиб борилган.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда маст ҳайдовчи ЙПХ инспекторини уриб юборгани ва Тошкент вилоятида 45 кун ичида маст ҳолатда транспорт бошқарган мингдан ортиқ ҳайдовчиларга чора кўрилгани ҳабар қилинган эди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда «Nexia-3» ҳайдовчиси мастлиги сабаб 5 та машинага бориб урилгани маълум қилинган.