Эрондаги ягона АЭС фаолияти фавқулодда тўхтатилди
Эрондаги ягона атом электр станциясининг фаолияти фавқулодда тўхтатилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Эрон давлат электр энергияси компанияси «Tavanir» берган маълумотга кўра, Бушер атом электр станцияси 19 июнь куни фаолияти тўхтатилган ва бу ҳолат 3–4 кун давом этади. Бунга станцияда юзага келган техник носозлик сабаб бўлган. Ўз навбатида, узилиш 1000 мегаватт электрнинг етишмаслигига олиб келган.
Таъкидланишича, ядро энергетикаси вакили Маҳмуд Жафарий март ойида станция билан боғлиқ хавотирларни билдириб, унинг ишини тўхтатиши мумкинлигини айтган.
Маълумот ўрнида, станция БМТ ядро хавфсизлиги хизмати, Халқаро атом энергияси агентлиги назорати остида ҳисобланади. Жанубий порт шаҳридаги Буширда жойлашган ушбу АЭСнинг қурилиши 1970 йилларда бошланган. Бироқ 1979 йилги Исломий инқилобдан сўнг Германия АҚШнинг Эронга қарши санкцияларига қўшилиб, унинг қурилишига қарши чиққан.
1995 йилда рус мутахассислари Бушир АЭСини монтаж қилишни бошлаган. Бу Россия ва Эрон ўртасида 1992 йилда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланганидан кейин содир бўлган. Шу тариқа АЭСнинг биринчи блоки 2011 йил сентябрда фойдаланишга топширилган.
Аввалроқ Россияда дунёдаги илк тўртинчи авлод реактори қурилиши бошлангани хабар қилинган. Шунингдек, Қора денгизда йирик табиий газ кони топилгани маълум қилинган.