Олимлар коронавирусдан тезда тузалиш усулини маълум қилди
Оксфорд университети олимлари коронавирусдан тезда тузалиш усулини маълум қилди. Бу ҳақда «Telegraph» нашрига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Маълум бўлишича, астма ингаляторидан фойдаланиш коронавирусдан соғайиш вақтини сезиларли даражада қисқартириши мумкин. Тадқиқот шуни кўрсатдики, астма ва сурункали ўпка касаллигини даволашда қўлланиладиган «Будесонид» препарати коронавирус инфекциясига чалинган беморларга ёрдам беради.
Оксфорд университети олимларининг таъкидлашича, ингаляция COVID-19’дан тикланиш вақтини ўртача уч кунга қисқартиришга ёрдам беради. «Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу даволаниш усулининг натижаларини кузатишда давом этади ва зарурат юзага келганда ўзгартиришлар киритади», — деган парламент вазири ўринбосари Жо Черчилл.
Қайд этилишича, британиялик шифокорлар ушбу препаратни бирламчи ҳолатларда қўллашни режалаштирган. Мутахассислар, шунингдек, «Будесонид»дан уйда коронавирусга қарши даволанишда ҳам фойдаланиш мумкинлигини таъкидлаган.
Аввалроқ олимлар коронавируснинг янги аломатларини маълум қилганди. Шунингдек, олимлар коронавируснинг яна бир хавфли оқибатини аниқлаган.