Отабек Сатторийнинг апелляция суди санаси белгиланди
Отабек Сатторийнинг апелляция суди 29 июнь, сешанба куни ўтказилиши белгиланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати «Bugun.uz»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, суд жараёни соат 10:00 да Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди томонидан кўрилади. Мазкур жиноят иши Самарқанд вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. Сатторийнинг адвокати Умид Давлатовнинг шикоятига асосан апелляция иши Самарқанд вилоятида кўрилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни Сурхондарё вилояти Термиз ИИБ ходимлари блогер Отабек Сатторийни ҳибсга олган. Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир кишини мажбуран машинага ўтирғизиб, олиб кетгани акс этган видеоёзув тарқалган.
Мазкур ҳолат юзасидан Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Тергов департаменти 1 март куни унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунлангани ҳақида маълум қилган. Кейинчалик Олий суд унинг суд жараёни 11 март куни бошланиши ҳақида хабар берган.