Тошкент метрополитенида йўловчилар «Олмазор» бекатида туширилди
Тошкент метрополитенида 20 июнь куни йўловчилар «Олмазор» бекатида туширилди. Метрополитен маъмурияти ҳолат сабабини маълум қилди.

Унга кўра, 20 июнь куни соат 22:10 да Чилонзор йўналишининг «Олмазор» бекатидан «Бекат-1» томон ҳаракат бошлаган машинист поездда носозлик борлигини аниқлаган. Йўловчилар ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида поезддагилар Олмазор бекатида туширилган. Носозликни аниқлаш мақсадида ҳаракат таркибидаги поезд электродепога жўнатилган.
Аввалроқ Тошкент метрополитенида поезд тескари ҳаракатлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент метрополитени бекатида поезд бир неча дақиқа тўхтаб қолгани маълум қилинган.