Тошкентда маст йигит танишини дўппослаб, ўлдириб қўйди — видео
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 24 ёшли маст йигит танишини дўппослаб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 17 февраль куни соат 19:30 атрофида Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчаси, Катта Қўйлиқ МФЙдаги Раимжон ота кафесида содир бўлган. Кафеда А.Ҳ. исмли йигит Б.М., И.И. билан кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Ораларида ўзаро келишжмовчилик сабаб жанжал келиб чиққан.
А.Ҳ.нинг таъкидлашича, шериги унинг ортидан сўкиниб, ҳақорат қилгани ва уни ургани сабаб жанжаллашган ва уни елкасига олиб, улоқтириб юборган.
«Тинчроқ жойга бориб, ўтириб, ичаман ва квартирага кириб кетаман, деганимда орқамдан келди. Сўкинаверди. Шу орада елкамга уч марта уриб юборди. Уришиб кетдик. Кўтариб, орқа томонга отиб юбордим. Жаҳлим чиқиб, тепишни бошладим.
Исмоил келиб, ўлдириб қўясан, деб олиб кетди. Эрталаб 8–9 да квартирадан чиқиб келганимда ППС ходими келиб, кеча нима қилдинг, ўлиб қолибди-ку, деди. Текшириш учун Яшнобод тумани ИИБга олиб келди», — дейди айбланувчи йигит.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Ҳ. Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-моддаси «и» банди ва 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми «г» банди билан айбдор деб топилган ва унга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Бухорода меҳмонга борган йигит уй эгасини темир билан уриб, ўлдиргани ва Жиззахда танишини ўлдириб, мурдасини ёқиб юборган 2 эркак ушлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Самарқандда маст эркак танишининг бошига шиша билан уриб, ўлдириб қўйгани маълум қилинган.