UNICEF Ўзбекистондаги мактабгача таълим тизимининг асосий муаммосини маълум қилди
АОКАда 21 июнь, душанба куни мактабгача таълим вазири ўринбосари, UNICEF мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида Ўзбекистондаги мактабгача таълим тизимининг асосий муаммоси кадрлар масаласи экани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

«Мактабгача таълим вазирлиги ташкил қилинганидан бери вазирлик билан бирга ишлаб келамиз. Таълим сифатини ошириш бўйича ‘Илк қадам’ дастури, болаларнинг ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ҳаммаси халқаро стандард бўйича кўриб ишлаб чиқилган. Мактабгача таълимда педагогларга катта талаб қўйилмоқда. Вазирлик тарбиячилар бакалавр дипломини олиши учун ҳам ёрдам қилмоқда. Кечки курслар, сиртқи ўқишлар ташкил қилинган. Ҳозирда жуда кўп четдан келган университетлар ҳам очиляпти. Мактабгача таълим соҳасидаги энг катта муаммо педагог кадрларнинг етишмаслигидир. Чунки соҳада кадрлар тайёрлаш масаласига 25 йил мобайнида ҳеч қандай эътибор қилинмаган. Бу жуда мураккаб, ҳатто 1 йил ичида ҳам бундай катта армияни етказиб бера олмаймиз», — деди Вазира Назарова.
У, шунингдек, UNICEFнинг 2021 йилги иш режасига кўра, педагоглар стандарти ишлаб чиқилганини маълум қилди. Ушбу стандартлар соҳага қараб тайёрлов курслари, ўқув дастурларини педагогика коллежлари ва университетлари билан бирга тарбиячи педагогларни қайта ўқитиш системасини ҳам бошқатдан кўриб чиқишга ёрдам қилишини айтди.
Мактабгача таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Баҳром Хидирбоевнинг «Bugun.uz» мухбирига берган интервьюсига кўра, 2020 йилда UNICEF ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг олис туманларида мактабгача таълимнинг муқобил шаклини ташкил этишдаги эҳтиёжларни баҳолаш жараёнлари ўтказилган. Аниқланган энг паст кўрсаткичли иккита ҳудудда қамровни ошириш мақсадида ўйин гуруҳлари ташкил қилинган. Ушбу гуруҳ хоналари жиҳоз ва таъмири халқаро ташкилот маблағлари асосида амалга оширилган.
«2020 йил UNICEF билан Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистоннинг олис туманларида мактабгача таълимнинг муқобил шаклини ташкил этишда эҳтиёжларни баҳолаш жараёнлари ўтказилди. Ушбу таҳлилга кўра, мактабгача ёшдаги болаларни қамраб олишда энг паст кўрсаткичли иккита ҳудуд аниқланди: Хоразм вилояти қишлоқ жойлари (Боғот, Қўшкўпир туманлари), Наманган вилояти (Косон, Норин туманлари). 2021 йил май ойида вазирлик ва UNICEF билан ҳамкорликда аниқланган ушбу энг паст кўрсаткичли ҳудудларда турли ёшдаги (3–7 ёш) мактабгача таълим ўйин гуруҳлари ташкил қилинди. 2020 йил сентябрь ойидан 2021 йил май ойигача синов тариқасида мазкур ҳудудларда мактаб ва коллежлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида муассасалар ташкил қилиниб, ўқув жараёнлари олиб борилди. Ташкил этилган ўйин гуруҳлари хоналарининг таъмири UNICEF ташкилоти тарафидан қилинди. Дидактик ўйинлар учун махсус ўйинчоқлар билан таъминланди. Ушбу гуруҳлар вазирлик ва халқаро ташкилот томонидан мунтазам назорат қилиб борилади. Жамоатчилик фикри ўрганилиб, ижобий натижа сезилса, бу тажриба республика бўйлаб жорий этилади», — деди Баҳром Хидирбоев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент мактабгача таълим қамровини кенгайтириш юзасидан йиғилиш ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мактабгача таълимнинг янги муқобил шакллари ривожлантирилиши ҳамда ушбу соҳага кредитлар ажратилиши маълум қилинганди.