Ўзбекистонда 2021 йил май ойига қадар қанча аҳоли республика фуқаролигини олгани очиқланди
АОКАда 21 июнь, душанба куни Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида Ўзбекистонда 2021 йил май ойига қадар 22 269 нафар шахс республика фуқаролигини олгани очиқланди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, мустақилликдан буён 2007 йилга қадар жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс фуқароликка қабул қилинган. Бироқ 2007 йилдан 2016 йилнинг декабригача биронта ҳам фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик берилмаган.
Бундан ташқари, 2016 йил декабридан 2021 йил майига қадар Президентнинг 87 та фармони асосида 22 269 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. Жумладан, фуқаросизликни қисқартириш борасидаги ишлар баробарида 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга келиб, доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсни республика фуқароси деб тан олиш таклиф этилган.
Шулар билан бирга, ҳозиргача 1995 йил 1 январга қадар давлат ҳудудида доимий рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистон фуқароси деб тан олиниш истагини билдирган 23 мингдан ортиқ шахснинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб, Ўзбекистон фуқароси паспорти (ёки ID-карта) билан ҳужжатлаштириш чоралари кўрилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ID-карта олган фуқароларга давлат хизматлари марказидан фойдаланиш учун паспорт талаб қилинмаслиги ва республикада биргина паспорт билан пенсия тайинлаш йўлга қўйилиши хабар қилинган эди.