Ўзбекистонда юридик техникумларга 2021/2022 ўқув йилида қанча қабул квотаси белгилангани маълум қилинди
АОКАда 21 июнь, душанба куни Адлия вазирлиги мутасаддилари ҳамда Тошкент давлат юридик университети ректори иштирокидаги матбуот анжуманида 2020/2021 ўқув йилида юридик техникумларга жами 3180 киши қабул қилиниши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 13 апрелдаги қарори билан Адлия вазирлиги тузилмасида ҳар бир ҳудудда биттадан — 14 та юридик техникум ташкил этилган. Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимовнинг берган маълумотига кўра, ҳозирда юридик техникумларда жами 5042 нафар ўқувчи (шундан 3081 нафари 1-курсда, 1961 нафари 2-курсда) таълим олиб, ўқувчиларга 218 нафар педагог томонидан дарс ўтиб келинмоқда.
Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда — Давлат тест маркази) томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилади. Мазкур ўқув йилида эса жами 3180 киши қабул қилинади.
«Шундан 1950 та қабул кундузги, 1230 та қабул эса сиртқи таълим учун бўлади. 2021/2022 ўқув йили учун техникумларга абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш 2021 йил 1 августдан 20 августга қадар (20 август куни ҳам) амалга оширилади. Бунда ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (www.my.gov.uz) ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (www.dtm.uz) орқали қабул қилинади», — деди Раҳим Ҳакимов.
У, шу билан бир қаторда, 2019/2020 ўқув йилида юридик техникумларни (собиқ юридик коллежларни) 4364 нафар талаба битирганини ҳам маълум қилди.
«Шундан 1542 нафарининг (35,3 фоиз) бандлиги таъминланган. Ишга жойлашиш бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд вилояти юридик техникумида қайд этилган (575 нафар битирувчидан 498 нафари (86,6 фоиз) иш билан таъминланган)», — деди университет ректори.
Аввалроқ Тошкент давлат юридик университети дунёнинг Топ-500 университетлари рўйхатига киргани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда юридик кадрларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилиши ҳақида маълум қилинган.