Бухорода ИИБ бошлиғи тадбиркорга тазйиқ ўтказиб келаётгани айтилмоқда — видео
Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан изоҳ берди
Бухоро вилояти Пешку туманида ички ишлар бўлими бошлиғи тадбиркорга тазйиқ ўтказиб келаётгани айтилган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, тадбиркор мурожаати акс этган видеотасвир 22 июнь куни тарқалган. Унда туман ички ишлар бўлими бошлиғи тадбиркор ва оила аъзоларига адовати борлиги, шу сабаб савдо дўконига доимий равишда ИИБ ходимларини юбориб куч ишлатиб, тазйиқ ўтказиб келаётгани айтилган.
«Илтимос, бизни тадбиркорлик фаолиятимизга халал бераётган ИИБ ходимларидан халос қилинг!» дейилади тадбиркор мурожаатида.
Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилади.
Aввалроқ Сирдарёда ички ишлар ходими фуқарога куч ишлатгани ва Сурхондарёда ички ишлар ходими хизмат машинасида қоида бузгани хабар қилилинган эди. Шунингдек, Самарқандда ички ишлар ходими ўз машинасида одам уриб, ўлдиргани айтилган видеога муносабат билдирилган.