Навоийда 16 нафар ўрмон хўжалиги ходимига жарима белгиланди
Навоий вилоятида 16 нафар ўрмон хўжалиги ходимига 13 миллион 475 минг сўм жарима белгиланди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг буйруғига асосан, 3 майдан 22 июнга кадар Конимех, Томди, Навбаҳор, Хатирчи туманлари ва Навоий шаҳар ҳудудидаги давлат ўрмон хўжаликлари, ўрмон-ов хўжаликлари фаолияти бўйича текширув ишлари олиб борилган.
Хусусан, ўрмон хўжаликларида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Ўрмон тўғрисида», «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида», «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун талабларига риоя этилиши юзасидан давлат экологик назорати амалга оширилган.
Ўрганиш давомида ўрмон хўжаликлари, ўрмон-ов хўжаликлари фаолиятида ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан 16 нафар давлат ўрмон хўжалиги ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 84-моддаси билан баённома расмийлаштирилган ва 13 миллион 475 минг сўм жарима белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилда содир бўлган ўрмон ёнғинлари статистикаси ва Ўзбекистонда ўтган 3 ойда ўрмон фондига қанча зарар етказилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда инвесторларга ҳозиргача неча гектар ўрмон майдони берилгани маълум қилинган.