Навоийда ноқонуний тилла қазиб олмоқчи бўлган 4 нафар шахс заҳарланиб, ҳалок бўлди
Навоий вилояти Хатирчи туманида ноқонуний тилла қазиб олмоқчи бўлган тўрт нафар шахс ёнилғи тутунидан заҳарланиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 12 июнь куни 7 нафар фуқаро Олтинсой тоғ тизмасига тилла қуми қазиб олиш мақсадида чуқурликка тушган. Электродвижокдан чиққан ёнилғи тутунидан заҳарланиш оқибатида тўрт нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган ҳамда уч нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Хатирчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Навоийдаги ташландиқ олтин конида ноқонуний ишлар кузатилаётгани юзасидан изоҳ берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда саноат корхоналарида бахтсиз ҳодиса сабаб қанча ўлим ҳолати кузатилгани маълум қилинган.