«Толибон» ҳаракати сабаб тожик-афғон чегарасидаги вазият оғир экани маълум қилинди
«Толибон» ҳаракати жангарилари Aфғонистондаги Тожикистон билан чегара яқинидаги ҳудудни эгаллади. Бу ҳақда Қундуз вилояти полиция бошлиғи ўринбосари Саид Илёс Хошимийга таяниб, «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Маълумотларга кўра, аввалроқ Aфғонистон телевидениеси эфирида «Толибон» ҳаракати Шерхон-Бандар божхона ва савдо йўлини эгаллаб олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Қайд этилишича, ҳаракат назорати остига ўтган Қундуз ва яқин атрофдаги иншоот — Панж дарёси бўйлаб ўтган икки йўлли автомобиль кўприги стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади. Улар орқали Эрон ва Покистондан келаётган товарлар ортилган транспортлар ҳаракатланади.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига қарашли чегара қўшинлари матбуот марказининг хабар беришича, қуролли тўқнашувлар оқибатида Aфғонистон ҳукумат кучларининг 134 ҳарбий хизматчиси қаршилик кўрсата олмаган ва қочишга мажбур бўлган. Таъкидланишича, жанг пайтида тўрт афғон аскари яраланган, биттаси ҳалок бўлган.
Шерхон-Бандарда «Толибон» ҳаракати томонидан яраланган, ўлдирилган ёки асирга олинган афғон аскарларининг умумий сони 100 дан ошган. Aйни пайтда эса Тожикистон-Aфғонистон чегарасидаги вазият оғир деб баҳоланмоқда.
Келтирилишича, сўнгги ўн кун ичида Тожикистон билан чегарадош тўртта вилоятда ҳукумат кучлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида қуролли тўқнашувлар юз беган. Оқибатда Тахор вилоятининг Чохоб, Янги-Қалъа, Даркад, Дашти-Қалъа, Хўжа Гар туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти-Aрчи, Имом Соҳиб ва Калаи-Зол туманлари ҳаракат қўлига ўтган.
Аввалроқ «Толибон» Афғонистондаги ҳарбий базани портлатиб юборгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Афғонистон қуролли кучлари базасида кучли портлаш содир бўлгани маълум қилинган.