Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланувчилар гуруҳи яна кенгайди
Ўзбекистонда 50 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатлами қаторида бюджет ҳисобидан эмланади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Республика махсус комиссиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинган.
Йиғилишда масъул раҳбарлар ҳисоботлари эшитилиб, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилинган. Биринчи навбатда, касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилган.
Шунингдек, сўнгги кунларда инфекция билан касалланиш ҳолатлари бир оз ортганини инобатга олиб, ҳудудларда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга йўналтирилган тиббиёт муассаларининг тайёргарлик ҳолатини таҳлил қилиш ва зарур дори воситалари захирасини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилган.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кунларда айрим қўшни мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам ушбу инфекция билан касалланиш бир оз ортганини инобатга олиб, ҳалқимиздан шахсий масъулиятни оширган ҳолда жамоат жойларида ниқобда бўлиш ва ижтимоий масофани сақлаш каби талабларга риоя этишларини сўраб қолади», дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 18 февраль куни коронавирусга қарши вакцина билан бепул эмланадиганлар рўйхати эълон қилинганди. Кейинчалик касалликка қарши эмланадиганлар рўйхати кенгайтирилган.