Ўзбекистонда эртаки сабзи ҳосилининг йиғим-терим ишлари июль ойининг дастлабки кунларига белгиланди. Бу бозорнинг янги сабзи билан тўлиқ таъминланишига ва ушбу сабзавот нархининг тушишига олиб келади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати 

Маълум қилинишича, 2021 йилда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан умумий ҳисобда 124,4 минг гектар майдонда сабзи экиш режалаштирилган. Бу 2020 йилдагига нисбатан 18,2 мингга кўпрок кўрсаткични ташкил этади. Шунга кўра, ҳаммаси бўлиб 2,3 миллион тонна сабзи ҳосили олиш мўлжалланган.

Вазирлик хабарига кўра, мамлакат аҳолисининг сабзига бўлган бир йиллик эҳтиёжи 800 минг тоннани ташкил этади. Шунингдек, қиш-баҳор мавсумида аҳоли истеъмолини таъминлаш мақсадида 400 минг тоннадан зиёд сабзи захира қилиниши қайд этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда энг қиммат ва энг арзон сабзи қаерда сотилаётгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда сабзи нархи қимматлашганига изоҳ берилган.