Навоийда аҳоли ҳудудда заҳарли тутундан азият чекаётганини айтиб, чора кўришни сўради
Навоий вилояти Кармана туманида аҳоли ҳудудда заҳарли тутундан азият чекаётганини айтиб, чора кўришни сўради. Ҳолат юзасидан вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 18 июнь кунидан Кармана туманида жойлашган «Бережливость» ХИЧКга қарашли маиший хўжалик чиқиндиларини кўмиш полигонида ёнғин чиққани ҳамда атмосфера ҳавоси бузилгани тўғрисидаги шикоят вилоят Экология бошқармаси томонидан ўрганилган. Ўрганишлар натижасида об-ҳавонинг кескин исиб кетиши оқибатида чиқиндилар кўмилган полигонда чиқинди қизиб, тутаган ҳамда 19 июнь куни ёнғин содир бўлгани аниқланган.

Оқибатда атмосфера ҳавосига катта миқдорда тутун, турли газлар, канцероген моддалар, ис гази ва бошқа моддалар ажралиб чиққан. Шамолнинг йўналишини ҳисобига ушбу газлар шаҳар атмосфера ҳавосида сақланиб, аномалия ҳолатларини содир этган ва аҳоли учун ноқулай шароитни келтириб чиқарган.
Ҳолат бошқарма ходимлари томонидан бориб ўрганиб чиқилган ва қонуний чоралар кўрилган бўлишига қарамасдан корхона томонидан аҳоли ва ҳудудларнинг табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қонунчилик талабларига амал қилинмагани оқибатида чиқиндиларни кўмиш полигонида ёнғин келиб чиққан.

Шунингдек, корхоналардан 20 дан ортиқ техникалар, 2 та юқори сиғимли сув монитор гидрантлари, 3 та ўт ўчириш машиналари, 2 та бульдозер, 20 та «HOWO» юк ташувчи автотранспорт воситалари жалб қилинган. Улар ёрдамида 500 метр/куб қум-тупроқлар ташланиб, ёнган ҳудудларни кўмиб ташлаш чоралари кўрилган. Тутуннинг шаҳар ҳудудига таъсир доирасига қараб, кечки пайтларда бошқарманинг лабораторияси шаҳар ҳудудида атмосфера ҳавосидан намуналар ҳамда таҳлил ишларини олиб боришга келишиб олинган.

Бундан ташқари, 22 июнь куни вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Атроф муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими (Аналитик лаборатория) ва Гидрометеорология бошқармаси ҳузуридаги Навоий шаҳар атмосфера ҳавосини мониторинг қилиш лабораториялари билан ҳамкорликда чиқиндихонанинг санитар ҳимоя минтақасидан намуналар олиниб, таҳлил ишлари олиб борилган.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Аналитик лабораторияси томонидан чиқиндихонанинг шарқий томонидан олинган намуналар таркибидан қуйидагилар аниқланган: азот оксиди ПДК 0,06 натижа 1,67 маротаба, азот оксидлари ПДК 0,085 натижа 1,76 маротаба, олтингугурт икки оксиди ПДК 0,5 натижа 1,3 маротаба, углерод икки оксиди ПДК 5 натижа 1,2 маротаба белгиланган меъёрлардан юқори ҳолатни кўрсатган. Гидрометрология лабораторияси таҳлиллари натижалари ноорганик чанг ПДК 0,5 натижа 1 маротаба, олтингугурт оксиди ПДК 0,5 натижа 0,38 маротаба, углерод оксиди ПДК 5 натижа 1,4 маротаба, азот икки оксиди ПДК 0,085 натижа 1,05 маротаба, аммиак ПДК 0,2 натижа 1 маротаба белгиланган меъёрлардан юқорилиги аниқланган.

Меъёрдан юқори чиққан ҳолатлар бўйича табиатга етказилган зарар ва атмосфера ҳавосини ифлослантиргани учун маъмурий баённома расмийлаштирилиб, барча ҳолатлар бўйича судга чиқариш учун ҳужжатлар таёрланмоқда. Ушбу ҳудуд вилоят Экология бошқармаси давлат инспекторлари томонидан назоратга олинган.
Аввалроқ Тошкентда туман аҳолиси ҳудудда фоҳишалар ва гиёҳвандлар кўпайганини айтиб, чора кўришни сўрагани хабар қилинганди. Шунингдек, Навоийда ноқонуний тилла қазиб олмоқчи бўлган 4 нафар шахс заҳарланиб, ҳалок бўлгани маълум қилинган.