Қозоғистон шарқидаги Шиликти қишлоғида номаълум касаллик уй ҳайвонларининг ҳалок бўлишига олиб келаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда «24.kz» хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, май ойида маҳаллий аҳоли 100 бош қўйдан айрилган. Дастлаб ўлимга очлик сабаб бўлгани айтилган, аммо лаборатория текширувларида уларнинг танасида анаэроб интертоксин (ўткир яра инфекцияси) борлиги аниқланган. Ҳозирда касаллик қорамолларга ҳам юқишни бошлаган.

Таъкидланишича, Шиликти қишлоғи Қозоғистоннинг Хитой билан чегарасида жойлашган. Ушбу қишлоқдаги аҳоли фақат чорва моллари билан кун кечиради. Аммо баҳорда фермер хўжаликларида ҳайвонларда номаълум касалликларнинг аниқланиши қўйларнинг ҳалок бўлишига олиб келган. Жумладан, қишлоқда яшовчи Ойболат Лекеровнинг 150 дан ортиқ қўзиси ҳалок бўлган. Ветеринария шифокорлари бунга ем-хашак етишмовчилиги сабаб бўлганини айтган. Аммо текширув натижалари ушбу тахминни рад этган.

Бошқа фермер хўжаликлари касаллик ҳозирда қорамолларга ҳам юқаётганини тасдиқлаган. Сўнгги бир ой ичида ушбу фермаларда 10 та сигир аллақачон касалланган бўлиб, унинг белгилари ҳалок бўлган қўйларга ўхшаши айтилган. Хусусан, ҳайвонларда сўлак ажралиши ҳолати бузилиб, оғиз бўшлиғида яралар ҳосил бўлади. Оқибатда ҳайвонлар ўз-ўзидан овқатлана олмайди. Қишлоқ аҳолиси бу касаллик одамлар учун ҳам хавфли эканидан хавотир билдирган.

«Ушбу касаллик давлат томонидан қопланадиганлар рўйхатига киритилмаган. Катта хавф йўқ, аммо эҳтиёт чоралари халақит бермайди. Ҳайвонлар эпидемиясига қарши курашиш бўйича мутахассислар 17 май куни синовларни ўтказишни бошлаган. Ҳали ҳам натижа йўқ», — деган Зайсан тумани ветеринария хизмати директори ўринбосари Кимбат Енсебаев.

Маҳаллий аҳоли касаллик ривожланиб бораётгани, қўшни фермер хўжаликларида аллақачон ҳайвонларнинг ҳалок бўлаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ хитойлик олимлар кўршапалакларда коронавируснинг янги штаммларини топганди. Шунингдек, Шимолий Корея ҳукумати мушук ва каптарларни ўлдиришни буюрганди.