«Сизнинг барча топшириқларингизни бажаришга тайёрман» — Рамзан Қодиров
Чечинистон президенти Рамзан Қодиров республикада 2021 йил 19 сентябрда бўлиб ўтувчи сайлов олдидан Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатлашди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Маълум қилинишича, Владимир Путин Рамзан Қодировни Чеченистон республикаси президенти лавозимига янги муддатга номзод қилиб кўрсатиш таклифини қўллаб-қувватлашини айтган.
«Республика сайловларга тўлиқ тайёр, шунинг учун сизнинг садоқатли пиёда аскарингиз сифатида қўшимча кўрсатмаларни кутяпман ва ҳар қандай буйруқларингизни бажаришга тайёрман», — дея жавоб берган Қодиров Путиннинг яна номзодликни қўйиш таклифига жавобан.
Путиннинг фикрига кўра, Қодировнинг шахсий иштирокида Чеченистон Россиянинг хавфсиз ҳудудларидан бирига айланган.
«Сиз самарали ишлаяпсиз, вазиятни ичкаридан биласиз, шунинг учун сиз сайловда қатнашиб, ўз ишингизни давом эттиришингиз керак деб ўйлайман. Мен, ўз навбатида, сизга фақат муваффақият тилашим мумкин», — дейди Путин.
Таъкидланишича, Қодиров май ойида сайловда иштирок этишини истисно қилмаслигини эълон қилган ва агар Чеченистон аҳолисининг атиги бир неча фоизи бўлса-да қарши бўладиган бўлса, сайловда иштирок этмаслигини айтган.
Маълумот ўрнида, Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан буён бошқариб келади. 2011 йилда унинг номзоди президент Дмитрий Медведевнинг таклифига биноан республика парламенти томонидан маъқулланган. 2016 йилда эса Қодиров 97,94 фоиз овоз билан сайловларда ғолиб чиққан.
Аввалроқ Рамзан Қодиров ўзини Путиннинг «лойиҳаси» деб атагани маълум қилинган. Шунингдек, унинг Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатилгани хабар берилганди.